Пентагон вакилининг БАА ҳарбий кемаси Яман исёнчилари томонидан Эронда ишлаб чиқарилган ракета ёрдамида йўқ қилингани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга мос келмайди. Бу ҳақда Эрон ТИВ расмий вакили Баҳром Қосимий баёнот берди, деб ёзмоқда «ТАСС».
«Бошқаларни айблаш ўрнига АҚШ ўзининг қурол етказиш досьесига эътибор берса бўларди, уларнинг қуроли Яманнинг тинч фуқароларига қарши қўлланмоқда», — таъкидлади дипломат.
1 октябрь куни Яманда исёнчи хусийлар Қизил денгиз соҳилидаги Моха портига (Тоиз вилояти) яқинлашган БАА ҳарбий кемасини йўқ қилгани ҳақида ахборот берган эди. Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция вакиллари ўққа тутилган кема йўловчи транспорти бўлганини ҳамда унинг бортида гуманитар ёрдам, дори воситалари, ярадорлар ва тинч аҳоли вакиллари олиб ўтилаётганини маълум қилди.
Пентагон вакиллари кемага уюштирилган ҳужумда Эронда ишлаб чиқарилган ракетадан фойдаланилганига урғу бериб, хусийлар расмий Теҳрондан ёрдам олиб турганига ишора қилган эди. Баҳром Қосимийнинг сўзлари ушбу баёнотга жавоб бўлди.
Изоҳ (0)