Европада нашр этиладиган Diplomat Magazine журналининг навбатдаги сонида 4 декабрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари мавзусига бағишланган мақола босилиб чиқди. Бу ҳақда «Жаҳон» хабар бермоқда.
Унда таъкидланишича, сайловлар Ўзбекистон Конституцияси ҳамда сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ равишда ошкоралик ва очиқлик муҳитида ўтади. Нашрнинг ёзишича, ушбу воқеа республикадаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаради.
Diplomat Magazine ўз ўқувчиларини сайловларга тайёргарлик жараёнларининг кечиши билан таништирар экан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида сайловни ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тузилганини маълум қилди.
Маълумки, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга 2015 йил 29 декабрда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилар умумий сонининг 5 фоизидан 1 фоизигача камайтирилди. Бу 214350 нафар сайловчи имзоси демак. Имзолар камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларни қамраб олиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.
Нашр журналхонларни мана шу маълумотлар билан таништиргани баробарида хорижий мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари сайловда кузатувчи сифатида қатнашишга таклиф этилганини ҳам қаламга олди.
«Уларнинг иштироки сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтишидан далолат беради», — деб ёзади Diplomat Magazine.