2020 йилда Япония пойтахти мезбонлик қиладиган ёзги Олимпиаданинг бюджети 3 триллион иена (29,5 миллиард доллар)га етиши мумкин. Бундай ҳисоб-китоблар Олимпия ўйинлари харажатларини ҳисоблайдиган махсус комиссиянинг Токио губернатори Юрико Коикега тақдим этилган ҳисоботидан жой олди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Комиссия, шунингдек, харажатларни қисқартиришга қаратилган режани ҳам тайёрлаган. Унга кўра, Токиодаги бир йўла учта спорт объекти — волейбол стадиони, сув спорти турлари маркази ва эшкак эшиш каналинининг қурилиши қайта кўриб чиқилиши ёки бутунлай бекор қилиниши мумкин. Ушбу инфратузилма бекор қилинган тақдирда мусобақаларни Токио ва унинг ташқарисида мавжуд бўлган объектларда ўтказиш режалаштирилмоқда.
«Бразилияда Олимпиада якунига етди ва биз ишга киришадиган вақт келди. Режани ўрганиб, унинг ечими борасида қарорни тез кунда қабул қиламиз», — деди Юрико Коике комиссия вакиллари билан ўтказилган йиғилиш якунида.
Режага мувофиқ, Токио маъмурияти ўз бюджети ҳисобидан спорт объектлари ва пойтахтдаги бошқа инфратузилмалар учун харажатларнинг 25 фоизини қоплаши кўзда тутилган. Токио ҳудудида бўлмаган объектлар қурилиши маҳаллий маъмуриятлар ёрдамида Япония ғазнасидан тўланади. Япония расмийлари Олимпия ўйинларини ўтказиш учун аввалбошдан 734 миллиард иена (7,2 миллиард доллар) сарфлашни режалаштирган эди.
Токио мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинлари 2020 йилнинг 24 июль — 9 август кунлари бўлиб ўтади. Олимпиада тадбирларига 7,5 миллиондан ортиқ чипта сотиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)