Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Бугун, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясида биринчи брифинг ташкил қилинди. Унда округ сайлов комиссияси раиси Аҳмадхўжа Юнусходжаев ОАВ вакилларига округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилган биринчи мажлис ва унда қабул қилинган қарорлар ҳақида ахборот берди.

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Фото: Марказий сайлов комиссияси

26 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси аъзоларининг биринчи мажлисида округ сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, Президент сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг иш режаси ҳам тасдиқланди.

Қонунчиликка кўра, округ сайлов комиссияси аъзолари асосий вазифасидан озод этилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Шунга кўра, жараёндаги иш ҳажмининг кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, округ сайлов комиссияси масъул котиби Ихтиёр Бековни асосий вазифасидан озод этиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди.

Мажлисда сайлов комиссияси аъзоларининг хизмат вазифалари тақсимоти, аъзоларнинг навбатчилигини ташкил этиш, сайлов участкаларини тузишга тайёргарлик кўриш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Округ сайлов комиссияси аъзолари «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг жойлардаги ижросини назорат этиш ва сайлов участкаларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида туманларга бириктирилди. Мажлисда округ сайлов комиссиясининг матбуот марказини ташкил этиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди. ОАВларда етарлича тажриба тўплаган малакали мутахассислардан иборат Матбуот маркази раҳбарлигига Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов тайинланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларининг сайлов округи жойлашган бино ҳамда округ сайлов комиссияси жойлашган хоналарнинг моддий-техник таъминланганлиги ҳолати бўйича ахбороти тингланди. Қонунчиликка биноан округ сайлов комиссиясининг молиявий масалалари бўйича масъул аъзоси ҳам белгилаб олинди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар