БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури апрелдан буён илк марта Дамашқнинг чекка шаҳарлари — Мадая ва Забадани, шунингдек, Идлиб вилоятининг Ал-Фуа ва Кефрая аҳоли пунктларига инсонпарварлик ёрдами етказди. Бу ҳақда БМТ бош котиби расмий вакилининг ўринбосари Фархан Хак журналистларга маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Ушбу ҳудудларга гуманитар ёрдам апрель ойидан буён биринчи марта етказилди», — деди у.
Унинг сўзларига қараганда, озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган 45 та юк машинаси белгиланган пунктларга 25 сентябрь, якшанба куни етиб борган.
Хакнинг таъкидлашича, етказилган озиқ-овқат захиралари 60 мингга яқин аҳолини бир ой давомида таъминлашга етади.
Бундан ташқари, дастур Мадая ва Забаданига уч ойга мўлжалланган озиқлантирувчи қўшимчаларни етказди. Улар 250 нафар боланинг озиб кетиши олдини олади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)