The Japan Times газетасида «Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига: Ислом Каримов — ўзбек халқининг буюк фарзанди» номли мақола чоп этилди. Бу ҳақда «Жаҳон» агентлиги хабар бермоқда.
Материалда таъкидланишича, 25 йил давомида мустақил Ўзбекистонга бошчилик қилган Ислом Каримов мамлакатда ва халқаро майдонда улкан нуфузга эга бўлди. У атоқли давлат арбоби бўлиб, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига эга ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиқди ва амалга татбиқ этди.
Мақола муаллифлари республика раҳбари мамлакатнинг сиёсий мустақиллигига иқтисодий мустақилликсиз эришиб бўлмаслигига қатъий ишонганини алоҳида қайд қилиб ўтди.
«Айнан шу туфайли унинг томонидан маълум ва машҳур беш тамойил асосида чуқур ислоҳотлар ва иқтисодиётнинг структур ўзгаришлари дастури ишлаб чиқилиб, бутун дунёда тараққиётнинг ўзбек модели номи остида эътироф этилди. Ушбу моделнинг фундаментал асоси стратегик устувор мақсад — ‘Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон учун’ шиорининг амалга татбиқ этилиши бўлди», — дейилади мақолада.
Ўзбекистонда амалга оширилган кенг миқёсли структур ўзгаришлар ҳақида маълумот берилар экан, нашр мамлакатда мутлақо янги юқори технологик саноат тармоқлари бунёд этилганини, жаҳон миқёсида ноёблиги билан аҳамият касб этувчи индустриал объектлар қурилганини, замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфраструктураси яратилганини таъкидлаб ўтди.
Республиканинг Биринчи Президенти амалга оширган ислоҳотларнинг амалдаги инъикоси Ўзбекистон жаҳоннинг бешта энг тез ривожланаётган иқтисодиётлари сафига қўшилгани бўлди.
The Japan Times Ислом Каримовнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишдаги алоҳида ўрнига эътибор қаратди. Унинг ташаббусига кўра жаҳон амалиётида муқобилларига эга бўлмаган қишлоқнинг ташқи кўринишини тубдан ўзгартириш, турар жойлар қуриш дастури амалга оширилмоқда, бу эса қишлоқ аҳлининг турмуш тарзи ва сифатини шаҳардан қолишмайдиган даражага кўтармоқда.
«Ўзбекистон раҳбари Олий Бош Қўмондон сифатида Қуролли Кучларнинг тубдан ислоҳ этилишини, унинг ҳарбий қудрати ва салоҳияти ошишини таъминлади, ва энди у мамлакат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини, чегаралари дахлсизлигини, ўзбек халқининг тинч-тотув ҳаётини таъминлашга қодир. Шу билан бир қаторда, у Ўзбекистон ташқи сиёсати Концепциясини ишлаб чиқди ва амалга киритди, ундаги асосий ҳолат эса бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва юзага келадиган қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал қилишга асосланган тинчликсеварликдир. Республика раҳбари минтақада ва бутун жаҳонда тинчлик ва барқарорликнинг сақлаб қолинишига улкан ҳисса қўшди», — дейилади материалда.
Япония нашри Ислом Каримовнинг замонавий халқаро стандартлар асосида таълим тизимини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ҳам четлаб ўтмади. Президент ўсиб бораётган авлодни тарбиялашнинг мутлақо янги тизимини яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш ишига бевосита раҳбарлик қилди, бу тизим эса, ўз навбатида, Ўзбекистон ёшларининг тафаккурини ва дунёқарашини тубдан ўзгартирди, ва эндиликда у бугунги ва эртанги куннинг ҳал қилувчи кучига айланмоқда.
Мақола якунида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўз халқига чексиз муҳаббат туйгани ва бутун ҳаётини охирги кунларига қадар мамлакат хизматига бағишлагани айтиб ўтилди.
Изоҳ (0)