Япониянинг Окинава префектураси яқинида АҚШ қирувчи самолёти ҳалокатга учраганидан сўнг, мамлакат мудофаа вазири Томоми Инада АҚШдан хавфсизлик чораларини кучайтириш ва шунга ўхшаш ҳолатлар олдини олишга ҳаракат қилишни талаб қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«АҚШ томонига хавфсизлик чораларини кучайтириш ва шунга ўхшаш ҳолатлар бошқа юз бермаслиги учун барча чораларни кўриш ҳақида талаб юборилди», — деди Япония мудофаа вазири.
22 сентябрь, пайшанба куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Harrier қирувчи самолёти Окинава префектураси яқинида, Япониядаги америкалик ҳарбийлар жойлашган қисмида ҳалокатга учради.
Маълумот учун, Окинава ҳудудида АҚШнинг Япониядаги қарийб 75 фоиз ҳарбий базалари жойлашган ва бу маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Окинаваликларнинг фикрича, Япониянинг бошқа ҳудудларига нисбатан Окинава зиммасига кўпроқ оғирлик юклатилган.
Бундан ташқари, Окинавада АҚШ ҳарбийлари билан бўлиб турадиган можаролар — маст ҳолда йўл-транспорт ҳодисаларига сабабчи бўлиш, зўрлаш ва қотиллик кабилар маҳаллий аҳолининг норозилигини янада кучайтирмоқда.
Изоҳ (0)