Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) коррупция ва молиявий фирибгарлик гумони остида ҳибсга олинган Сьерра-Леоне футбол ассоциация раҳбари – Иша Йохансенни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Йохансен ва у раҳбарлик қилган ташкилотнинг яна икки мансабдор шахси 8 сентябрь куни Сьерра-Леоне антикоррупция қўмитаси терговчилари томонидан қўлга олинган эди.
Қўмита раҳбари Ади Маколейнинг маълум қилишича, мамлакат футбол ассоциациясининг мансабдорлари ташкилот молиявий ҳисоботларидаги фарқларига изоҳ бера олмаган.
Суриштирув ишлари ФИФА томонидан Сьерра-Леоне футбол ассоциациясига футболни ривожлантириш учун тақдим этилган грантлар билан боғлиқ эди.
ФИФА бош котиби Фатима Самура Йохансенни қўллаб-қувватлаб, бош офис грантларнинг қонуний ишлатилганига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.
Самура Сьерра-Леоне спорт вазирлиги ва антикоррупция қўмитасини мамлакат футбол ассоциациясига ўз фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилмасликка чақирди.
Хабар беришларича, ФИФА бош котиби яқин вақт ичида вазиятга шахсан баҳо бериш учун Сьерра-Леонега йўл олишни режалаштирган.
Изоҳ (0)