19 сентябрдан Эдуардс Стипрайс Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбарлиги лавозимида ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда, ташкилот матбуот хизматига асосланиб, UzDaily хабар бермоқда.
Илгари у Латвия давлат котиби ўринбосари — ТИВ сиёсий директори лавозимида ишлаган эди. Стипрайс Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги учинчи элчиси бўлди. У болгариялик Юрий Штеркнинг ўрнини эгаллади.
Янги тайинлов муносабати билан Стипрайс ваколатхонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига қисқа видеомурожаат жойлади.
«Латвия ташқи ишлар вазирлигидаги фаолиятим доирасида мен бир неча бор Тошкентга келган эдим. Ўшанда мен гўзал ва меҳмондўст юртингизга яна қайтиб келишни истагандим. Орзуим амалга ошганидан жуда хурсандман, бугун менда Евроиттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш имконияти бор. Икки томонлама ҳамкорликнинг бир қатор масалалари бўйича ўзбекистонлик шерикларимиз билан самарадор ишлашимизга ишонаман. Шунингдек, бу юртда истиқомат қилувчи ажойиб инсонлар билан бўлиб ўтадиган қизиқарли учрашувларни сабрсизлик билан кутиб қоламан», — деди Стипрайс.
Ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 2011 йилда очилган эди.
Изоҳ (0)