15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М. Мирзаев маъруза қилди.
Тадбирда айтилганидек, ҳисобот даврида ЯИМ ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 6,7 фоизга ошди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,8 фоизга ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоизга ошириш имконини берди.
Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилган.
Муҳокамалар давомида депутатларнинг Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб берди.
Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А. Шодмоновнинг қўшимча маърузаси эшитилди.
Қайд этилдики, ҳисобот даврида жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берган. Давлат бюджети парламент томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилган.
Давлат бюджетининг 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)