Россиянинг «Краснодар» футбол клуби бош мураббий Олег Кононовнинг аризасини қаноатлантиргани ҳақида клуб матбуот хизмати хабар берди. Жамоа мураббийлар штабида ишлаб келаётган Игорь Шалимов Кононовнинг вазифасини вақтинчалик эгаллайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳаракат қиладиган «Краснодар» Кононов мураббийлигида 131 та расмий ўйин ўтказган бўлиб, шуларнинг 72 тасида зафар қучган, 31 та ўйинда дуранг ўйнаган ва 28 тасида имкониятни бой берган.
Кононов билан «Краснодар» 2013/14 йилги мавсумда Россия Кубоги финалига қадар етиб борди. Бир йилдан кейин эса мамлакат чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. «Краснодар» бу вақт ичида Европа Лигасининг гуруҳ босқичида уч бор иштирок этди ва шуларнинг 1 тасида 1/16 финал босқичига қадар етиб борди.
Кетар чоғида Олег Кононов «Краснодар» раҳбариятига, ишчи-ходимларига, футболчи ва клуб мухлисларига ўз миннатдорчилигини изҳор қилиб, ўтган уч йил унинг фаолиятидаги энг яхшиси бўлганини қайд этди:
«Мен билан қўлга киритилган натижалар ортда қолиб, келажакда «Краснодар» янада юксак чўққиларни забт этишига чин дилдан тилакдошман. Мен билан елкама-елка меҳнат қилган ва қўллаб-қувватлаган барча-барчадан миннатдорман», — деди Кононов жамоа матбуот хизматига берган сўнгги интервьюсида.
Изоҳ (0)