Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) президенти Мишель Платини бугун, 14 сентябрь куни Афинада бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари конгресс давомида ташкилот раҳбарлигидан кетаётганини расман маълум қилди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
«Бу УЕФА президенти сифатида менинг сўнгги чиқишим», — деди Платини ўз нутқи давомида.
14 сентябрь куни УЕФАнинг янги раҳбари номи маълум бўлади. Унга иккита номзод – Словения футбол иттифоқи президенти Александер Чеферин ҳамда Голландия қироллиги футбол иттифоқи раҳбари Михаэл ван Праг даъвогарлик қилади.
Айни дамда УЕФА президенти вазифасини Испания қироллиги футбол федерацияси президенти Анхел Мария Виляр бажармоқда. Аввалроқ Виляр ҳам УЕФА президентлигига номзодлик қилган эди, аммо кейинроқ у ўз номзодини олиб ташлади.
Маълумот учун, Мишель Платини 2007 йилдан буён УЕФАни бошқариб келмоқда. 2011 йилда ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер Мишель Платинига 2 миллион Швейцария франкининоқонуний равишда ўтказиб бергани учун 2015 йилнинг декабрь ойида саккиз йилга ҳар қандай футбол фаолиятидан четлаштирилганди.
Кейинчалик ушбу четлаштириш олти йилга қисқартирилди. Шундай сўнг, Платини Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж суди (CAS)га четлаштириш муддатини қисқартириш бўйича апелляция берди.
Унинг апелляцияси қисман қондирилди – дисквалификация муддати олти йилдан тўрт йилгача, жарима миқдори 80 мингдан 60 минг еврогача қисқарди.
Изоҳ (0)