Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги Фарғона қишлоқ фуқаролар йиғинида бир ярим минг нафардан зиёд хонадонда яшовчи аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан нафақат Фарғона қишлоғи, балки бутун Оқолтин тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳудуддаги 34 километрлик ичимлик суви қувурларини янгилаш, учта сув сақлашга мўлжалланган минораларни таъмирлаш ва модернизациялаш ишлари давом этаётир. Шу билан бирга, 600 метр куб сув сиғимига эга бўлган канал қазиш ҳам бошлаб юборилди.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил 28 августдаги «Сирдарё вилоятидаги Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод, Ховос ва Боёвут туманлари марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бажарилмоқда. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга 100 миллион АҚШ доллари сарфлаш кўзда тутилган. Ушбу маблағнинг 88 миллиони Жаҳон банки, 12 миллиони ҳукумат томонидан молиялаштирилмоқда.
«Лойиҳа ишлари 2012–2017 йиллар давомида амалга оширилади, — деди вилоят ‘Сувоқова’ ташкилоти раҳбари Юнус Жалолов. — Кўзланган вазифаларни бажариш мақсадида Швециянинг Hifaab, Даниянинг Grontmij, Австриянинг GWCC корхоналари билан шартномалар имзоланган. Натижада вилоятдаги 155 та қишлоқда 1164 километр қувурлар тортилиб, 343 минг нафар аҳоли хоналонлари тоза ичимлик суви билан таъминланди».
Айтилишича, ҳозир Ховос туманидаги Бобур, Бинокор, Ҳуснобод, Қаҳрамон, Чаманзор, Туркистон, Сардоба туманидаги Пахтаобод, Гулзор, Қўрғонтепа аҳоли пунктларида сув тарқатиш иншоотлари ва сув миноралари қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)