12 сентябрдан Суриянинг бутун ҳудуди бўйлаб АҚШ ва Россия келишуви асосида сулҳ тартиби кучга кирди. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «Газета.ru» хабар бермоқда.
Бу АҚШ ва Россиянинг мамлакатда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга бўлган иккинчи уринишидир.
Сулҳ тартиби етти кун ҳукм суриши кўзда тутилган.
Сурия армияси шу кунлар мобайнида ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаслигини эълон қилди. Шу тариқа, мамлакат ҳукумати Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Жон Керри томонидан имзоланган сулҳ келишувига розилигини билдирди.
Келишувни, шунингдек, Туркия ва Эрон қўллаб-қувватлади. Улар айниқса Алеппо шаҳридаги гуманитар инқирозни бартараф этиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Керри ва Лавров ўртасидаги музокаралар 14 соат давом этди. Келишув имзоланганидан сўнг улар Сурия ихтилофида тарафлар кўплиги боис сулҳга барча амал қилишига кафолат йўқлигини тан олди.
Ҳозирча мухолиф гуруҳлар сулҳга қўшилган-қўшилмаганини билдирмади.
Изоҳ (0)