Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Хитой бош вазири Ли Кэцян Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш учун 5 сентябрь, душанба куни Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда «Жаҳон» ахборот агентлиги.

Фото: «Жаҳон» АА

Фото: «Жаҳон» АА

Ли Кэцян Президент Ислом Каримов вафоти муносабати билан Хитой ҳукумати номидан гулчамбар қўйди, таъзия китобига ҳамдардлик сўзларини битди ва бу йўқотишдан чуқур қайғудошлик изҳор этди.

«Ли Кэцян қайд этганидек, Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбариятига махсус ҳамдардлик телеграммаси йўллади ва унда Президент Ислом Каримов Хитой халқининг қадрдон дўсти бўлгани, ҳаётлигида Хитой—Ўзбекистон муносабатлари ривожланишига муҳим ҳисса қўшгани таъкидланади», — дейилади агентлик ахборотида.

«Унинг вафоти нафақат Ўзбекистон халқи учун улкан йўқотиш, балки Хитой халқи учун ҳам самимий дўстдан жудо бўлишдир. Хитой ҳукумати ва халқи унинг вафоти муносабати билан чуқур қайғуда. Хитой томони ўзбек томони билан биргаликда Хитой ва Ўзбекистоннинг кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланишини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш ниятидадир», — деди Ли Кэцян.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар