Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида Президент Ислом Каримов миллий олимпия терма жамоасига Рио-де-Жанейрода қўлга киритилган ютуқлар учун чуқур миннатдорлик билдирди. Табрик матнини ЎзА тақдим этди.
«Шу кунларда бутун халқимиз Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалини қўлга киритиб, буюк ғалабага эришган спортчи ёшларимизни қизғин қутламоқда. Дунёдаги 206 та мамлакатдан келган манаман деган спортчилар билан бўлган кескин беллашувларда ўғлонларимизнинг кўрсатган мардлиги ва фидойилиги, маҳорати ва матонати, она Ватанимизга муҳаббати минг-минглаб ёшларимиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлди, деб ғурур ва ифтихор билан баралла айтишга барчамиз ҳақлимиз», — деди давлат раҳбари.
«Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, Ўзбекистон ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун жаҳонга намойиш этган моҳир спортчиларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийларига, миллий олимпия терма жамоамизнинг барча аъзоларига чин қалбимдан чуқур миннатдорлик билдираман», — қўшимча қилди Ислом Каримов.
Изоҳ (0)