Бир неча томчи сув телефон бутунлай бузилишига ёки нотўғри ишлай бошлашига сабаб бўлиши мумкин. Энг тўғри йўл сервис вакилларига мурожаат қилиш бўлади. Аммо бунинг имконияти бўлмаса, телефонга «тез ёрдам» керак бўлса, қандай йўл тутиш лозим?
AdMe сизга бундай вазиятда асқатадиган маслаҳатларни келтиради.
1. Телефонни сувдан ёки нам муҳитдан имкон қадар тезроқ чиқариб олиб, дарҳол ўчириш лозим. Гап шундаки, телефон деталлари саноқли дақиқаларда сув ўтказади. Телефон қуримагунига қадар уни ёқманг. Акс ҳолда сув томчиси ҳам қисқа туташувга олиб келиши мумкин.
2. Телефоннинг қопқоғини очиб, батареяни чиқариб олинг. Бу ички схемалар куйиши эҳтимолини камайтиради. Телефон ва унинг деталларини эҳтиёткорлик билан артинг.
3. SIM-картани чиқариб олинг. Уни ҳам яхшилаб артиб, қуритиш, сўнг телефоннинг ўзи тайёр бўлмагунига қадар чеккага олиб қўйиш лозим.
4. Барча ёрдамчи ускуналар, масалан, наушниклар, хотира карталари, ғилоф, ҳимоя плёнкалари ва ҳоказоларни ўчириш ёки ечиб олиш лозим.
5. Қўл остида чангюткич бўлса, унинг ёрдамида ускунадан сувни чиқариб ташланг. Телефоннинг ҳар бир деталини 20 дақиқа давомида чангюткич билан тозалаш лозим. Бу жараёнда телефонни айлантириб, ҳаво ҳамма ерига тегишини таъминланг.
Телефонни чангюткич қувурига ортиқ даражада яқинлаштирманг, акс ҳолда юзага келган статик электр токи бундан-да ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
6. Телефонни қуритиш учун фендан фойдаланманг — бу ускуна намликни ичкарига киргизиб юборади, бу айниқса телефоннинг ичидаги электрон компонентларга жиддий зарар етказиши мумкин. Шунингдек, айрим деталлар эриб кетиши эҳтимоли мавжуд.
7. Телефонни қуритишнинг энг яхши йўлларидан бири уни қуруқ гуруч тўлдирилган пакетга жойлашдир. Гуруч намликни яхши тортиб ва шимиб олади, бу эса коррозияни секинлаштиради.
Телефон гуруч тўла идиш ёки пакетда камида 2–3 кун турсин. Бу узоқ жараён бўлиб, сабр-тоқат талаб этади. Гуручнинг ўрнига силикогелдан фойдаланса ҳам бўлади.
Дастлабки 6 соат мобайнида абсорбция қилувчи материал ичидаги телефонни соатига бир марта текшириш лозим. Агар унинг юзасида намлик юзага келган бўлса, телефонни қайтадан артиш ёки қуритиш талаб этилади.
8. Телефонни қуёш нури тушиб турган жойга қўйинг, шунда барча тирқишлар қуриши осонроқ кечади.
Ускуна устига салфетка ёки қоғоз сочиқ қўйилса, намликнинг қолиб кетган оз қисми ҳам шимиб олинади.
9. 24 соатдан сўнг ташқи томондан мобил ускуна қуруқ эканлигига амин бўлинг. Тирқишлар ва портларни текширинг. Агар телефон ростан қуруқ ва тоза туюлса, аккумуляторни жойга қўйиб, уни ёқиб кўринг. Шубҳали шовқин ва овозларга эътибор қаратинг — улар телефон нотўғри ишлаётганидан далолат беради.
10. Агар қуритилган телефон ёнмаса, бунга батарея қувватсизлангани сабаб бўлиши мумкин. Батареяни қувватлантириб, жараённи такрорланг. Бу ҳам ёрдам бермаса, сервисга мурожаат қилинг. Устага бузилиш сабаби қанчалик аниқ тушунтирилса, у ускунани шу қадар тез ва мукаммал тузатиб беради.
Маслаҳатлар:
- Дўконларда намланган телефонлар реанимациясига мўлжалланган тўпламлар сотилади;
- Телефон тузли сувдан зарар кўрган бўлса, уни дастлаб тоза сув билан артиш лозим, акс ҳолда туз кристаллари аккумулятор улагичида қолиб кетиши мумкин.
- Нам объектга чангюткични қаратманг — сизни ток уриши мумкин.
- Агар телефонни узоқ вақт давомида иссиқлик манбаига яқин тутсангиз, айрим деталлар эриб кетиши мумкин. Батареяни қизитсангиз, у портлаб кетиши мумкин.
- Телефонни мустақил равишда бутунлай очиб ташлашга уринманг. Бундай тажриба қисқа туташувга ёки зарарли кимёвий моддалар билан заҳарланишга олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)