АҚШнинг турк мухолифатчиси Фатҳуллоҳ Гуленни ҳимоя қилиш нияти йўқ ва америкалик ҳуқуқшунослар уни экстрадиция қилиш талабномаси доирасида суд учун материаллар тўпламоқда. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашувдан сўнг маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Мен билан бирга келган мутахассислар делегацияси судга барча қоидалар бўйича мурожаат қилиш учун далилларни ўрганмоқда. АҚШда президент ҳам, бошқа бирор киши ҳам экстрадиция ҳақида қарор қабул қила олмайди. Жиноятчини фақат суд экстрадиция қилиши мумкин», — деди у.
Байден АҚШнинг Гулен ёки бошқа бирор кишини ҳимоя қилиш нияти ва бунинг учун бирор сабаб ҳам йўқлигини қўшимча қилди.
Эрдўғон, ўз навбатида, суд учун ҳужжатлар тўплаш заруратини тан олди ва АҚШ билан икки томонлама битимлар борлигини эслатиб ўтди.
«Бу келишувларга кўра Гулен каби одам ҳеч бўлмаса вақтинча ҳибсга олиниши керак. Аммо у ҳозир ҳам озодликда ва ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — деди Туркия президенти.
Изоҳ (0)