«Маънавият» нашриёти томонидан «Президентга мактублар» китобининг навбатдаги — тўртинчи жилди чоп этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ушбу китобдан 2013–2016 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига мамлакат ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари томонидан келган хатлар ва уларга жавоб мактубларидан айрим намуналар ўрин олган.
Ушбу хатларнинг асосий қисмида кўрсатилган меҳр-оқибат ва яхшилик, эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистонга, унинг халқига, Президентга самимий миннатдорлик туйғулари ифода этилган. Мазкур китобда жам бўлган хатларда оддий мактаб ўқувчисидан тортиб кўпни кўрган тажрибали инсонларгача, ишчи ва муҳандислар, деҳқон ва фермерлар, тадбиркор ва ишбилармонлардан тортиб шифокор, муаллим ва мураббийларгача, илмий-ижодий соҳа вакилларидан тортиб ҳарбий хизматчиларгача, қисқаси, бутун халқнинг овози баралла эшитилиб туради, дейилади хабарда.
Мактуб муаллифлари орасида хорижий давлатларнинг фуқаролари, атоқли давлат ва сиёсат арбоблари ҳам бор. Бундай хатларда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, Ўзбекистон билан чет давлатлар ҳамкорлигининг турли қирралари, Ўзбекистон халқининг қадимий ва бой тарихи, унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги долзарб масалалар ечими бўйича Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилаётган амалий таклиф ва хулосаларнинг аҳамияти ҳақида сўз боради.