Америкалик сузиш устаси, ёлғон кўрсатма беришда айбланган Жеймс Фейген Бразилия хайрия жамғармасига 11 минг доллар эҳсон қилади. Бу ҳақда, ABC’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ушбу келишувга сузувчининг судья ва прокуратура вакили билан учрашуви чоғида эришилди. Айтилишича, спортчига паспорти қайтарилган бўлиб, у маблағни жамғармага ўтказгани ҳамон Бразилияни тарк этиши мумкин бўлади.
Илгарироқ АҚШ миллий олимпия қўмитаси терма жамоанинг тўрт сузувчиси 14 августда Рио-де-Жанейрода тунаб кетилганини хабар қилди. Тарқатилган ахборотга кўра, Гуннар Бенц, Жек Конгер, Райан Лохте ва Жеймс Фейген кечадан сўнг Олимпия қишлоғига қайтаётганида қуролли шахслар улар кетаётган таксини тўхтатиб, ўзларини полиция ходимлари деб таништирган ҳамда уларнинг пуллари ва шахсий буюмларини олиб қўйган.
Аммо кейинчалик спортчилар тунаб кетилмагани, балки ёқилғи қуйиш шохобчасида мол-мулкка зарар етказгани учун пул тўлагани маълум бўлди. Лохте ва Фейгенга қарши ёлғон кўрсатма бериш айблови илгари сурилди. Лохте 15 август, душанба куни АҚШга қайтиб улгурган эди, Бенц ва Конгер эса полицияга кўрсатма бермагани боис жавобгарликка тортилмади. Натижада Фейгеннинг ўзи Бразилия адлияси қўлида қолди — унинг паспорти олиб қўйилди ва юқоридаги шарт илгари сурилди.
Изоҳ (0)