Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти таҳлилчилари атмосферанинг ифлосланиши туфайли яқин 45 йил ичида 200 миллион одам бевақт вафот этади деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
Уларнинг ҳисоб-китобига қараганда, 2060 йилгача, шу жумладан, юқоридаги сабаб туфайли йилига 6—9 миллион одам вафот этади. Бу кўрсаткич 2010 йилда 3 миллионни ташкил этган.
Ташкилот фикрича, 2060 йилнинг охирига келиб жаҳон иқтисодиёти ифлосланган об-ҳавонинг ходимлар соғлиғи ва меҳнат унумдорлигига таъсир қилиши туфайли йилига 3,75 миллиард иш кунини йўқотади.
Бундай ифлосланишнинг тўғридан-тўғри таъсири жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 1 фоизидан ошиши ёки йилига 2,6 триллион долларни ташкил этиши мумкин.
Шу билан бирга ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ касалликларнинг ортиши кутилмоқда. Жумладан, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларда бронхитга чалиниш ҳолатлари тўрт баробар ошиши — йилига 36 миллион, катталарда эса уч баробар — йилига 10 миллионни ташкил этиши маълум қилинмоқда. Болалар астмага кўпроқ чалина бошлайди.
Аҳоли зичлиги ва ифлосланиш даражаси юқори бўлган мамлакатларда, жумладан, Ҳиндистон ва Хитойда вазият бошқа мамлакатларга қараганда ёмонроқ бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)