Рио—2016 Олимпиадасининг футбол турнирида ярим финалга йўл олган тўрт терма жамоа номи аниқ бўлди: Бразилия, Гондурас, Нигерия ва Германия.
Гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаган Осиё қитъасининг ягона вакили Жанубий Корея чорак финалда Гондурасдан енгилди — 0:1. Учрашувнинг 60-дақиқасига келиб кореяликлар ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди.
Ўз майдонларидаги Олимпиадани кетма-кет икки голсиз дуранг билан бошлаган Бразилия терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги ўйинда Данияни 4:0 ҳисобида мағлуб этганди. Бу сафар эса Колумбияга имконият қолдирмади — 2:0. Неймар ҳисобни очиб берган учрашувдаги иккинчи гол Луан номига ёзилди.
Нигерия термаси Дания дарвозасига иккита гол урди. Жон Оби Микел нигерияликларнинг биринчи голига муаллифлик қилди. Иккинчи аниқ зарба эса Умарга тегишли бўлди.
Чорак финалдаги энг йирик натижа Европанинг икки терма жамоаси ўртасидаги ўйинда қайд этилиб, немислар Португалияга имконият қолдирмади — 4:0.
Ярим финалда Бразилия терма жамоаси Гондурасни имтиҳон қилади. Нигерия ва Германия терма жамоалари ўртасидаги ўйин финалнинг иккинчи иштирокчисини аниқлаб беради. Беллашувлар 17 август санасида бўлиб ўтади.
Айни вақтда германиялик Серж Гнабри 6 та гол билан Рио—2016 Олимпиадасининг тўпурари бўлиб турибди. Бошқа бир немис футболчиси Нилс Петерсен ҳисобига 5 та аниқ зарба мавжуд.
Олимпиаданинг футбол турнирида 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади ва ҳар бир терма жамоага максимум уч нафар катта ёшли футболчи хизматидан фойдаланишга изн берилади.
Рио—2016. Футбол Чорак финал беллашувлари 13 август, шанба
Португалия — Германия 0:4
Голлар: Серж Гнабри, 45+1 (0:1). Маттиас Гинтер, 57 (0:2). Дейви Зелке, 75 (0:3). Филипп Макс, 87 (0:4).Нигерия — Дания 2:0
Голлар: Жон Оби Микел, 16 (1:0). Амину Умар, 59 (2:0).Жанубий Корея — Гондурас 0:1
Гол: Альберт Элис, 59 (0:1).Бразилия — Колумбия 2:0
Голлар: Неймар, 12 (1:0). Луан, 83 (2:0).Ярим финал беллашувлари 17 август, чоршанбаБразилия — ГондурасГермания — Нигерия
Изоҳ (0)