БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг Яман бўйича махсус элчиси Исмоил улд Шайх Аҳмад мамлакатда ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилишини кескин қоралади. Бу ҳақда у 12 август, жума куни Женевада маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилиши номақбулдир ва бу тинчликка олиб келмайди. Бу жараён ҳар бир томоннинг ён босишини талаб қилади. Ўт очишни тўхтатиш режими амал қиляпти, аммо унинг бузилиши Яманнинг тинч аҳолисига таъсир ўтказмоқда», – деди Исмоил улд Шайх Аҳмад.
Махсус элчи барча томонларни сабр кўрсатишга, тинчликни бузадиган ҳеч қандай хатти-ҳаракат қилмасликка ва можаронинг сиёсий тартибга солинишига чақирди.
2016 йилнинг 11 апрелидан буён Яманда ҳукумат кучлари ва ҳарбийлашган «Ансаруллоҳ» гуруҳи ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими амал қилиб келмоқда. 21 апрель куни эса Кувайтда можаро иштирокчилари вакиллари билан музокаралар бошланди.
Ямандаги қарама-қаршилик 2014 йилнинг август ойидан буён давом этиб, 2015 йилнинг март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг мамлакатга кириши оқибатида авжига чиқди. БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, қуролли ҳужумлар оқибатида 6,4 минг киши ҳалок бўлди, яна 30 минг нафардан ортиғи турли жароҳатлар олган.
Изоҳ (0)