Хитойнинг Batie футуристик автобуси синовлари ҳукумат розилигисиз ўтказилган бўлиб, бу молиявий қаллобликнинг бир қисми бўлиши мумкин. Бу ҳақда, Хитой матбуотидаги хабарларга таяниб, «Ведомости» маълум қилди.
3 август куни Хитойда TEB-1 порталли (ер усти) автобусининг синовлари ўтказилди. Мазкур автобус конструкцияси унинг остидан бошқа транспорт ўтишига имкон беради. Автобуснинг узунлиги — 22 метр, кенглиги — 7,8 метр, баландлиги — 4,8 метр, сиғими — 300 киши. Илк синов ҳаракати Хэбэй провинциясидаги Циньхуандао шаҳрида ўтказилди.
TEB-1 иккита таянчга эга бўлиб, ҳар бири учун махсус рельслар ётқизилади. Автобуснинг кенглиги боис унинг остидан икки йўналиш бўйича транспорт ўтиши мумкин бўлади. Муҳандислар шу тариқа йўллардаги тирбандликларни бартараф этишни режалаштирган эди.
Global Times нашрининг билдиришича, Циньхуандао шаҳри ривожланиш ва ислоҳотлар қўмитаси TEB Batie лойиҳаси бўйича ҳеч қандай талабнома олмаган. Бундан ташқари, газетанинг қўмитадаги манбаси автобус синовлари ҳақида ҳеч нарса билмаслигини уқтирган.
ОАВ хабарларига кўра, Batie Huaying Kailai интернет-кредитори ёрдамида бондлар чиқариш йўли билан капитал жалб қила бошлади. Журналистлар гап молиявий қаллоблик ҳақида кетаётганини тахмин қилмоқда. Бу ноаниқликлар ортидан China Daily ҳукуматни суриштирув ўтказишга чақирди.
Изоҳ (0)