Microsoft компаниясининг Surface маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича менежери Брайан Холл Twitter’да Apple’даги рақобатдошларини танқид қилишга жазм этди, деб ёзади 3DNews.
«Мен Apple’га рақиблик қиламан ва уни тан оламан. Аммо улар баъзида ўз фойдаланувчиларига эски технологияларини сотиб, яхши хизмат кўрсатмайди», — деб ёзди у.
Унинг сўзларига кўра, Apple танбаллашиб, ўз мижозларига маънавий жиҳатдан эскирган қурилмаларни сотмоқда.
Ушбу даъво маълум даражада адолатли, деб ёзади нашр, Apple ўзининг Маc компьютерларини тобора камроқ янгиламоқда. Масалан, компания 2012 йилда чиқарилган 13 дюймли MacBook Pro компьютерини тўрт йил-у икки ойдан буён сотиб келмоқда.
Умуман олганда, апрель ойида янгиланган 12 дюймли MacBook’дан ташқари, Маc оиласининг барча вакиллари ҳозирда у ёки бу даражада эскирган кўринишга эга. Чунончи, MacBook Pro Retina сўнгги марта 1,5 йил аввал, Маc mini эса икки йил аввал янгиланган эди.