Олимлар фрегатларнинг парвоздаги электроэнцефалограммаларини ўрганиб чиқиб, қушлар учиш пайтида ухлаш қобилиятига эгалигини тасдиқлади. Улар миясининг икки палласини бир пайтда ёки навбатма-навбат уйқуга кеткизиши мумкин, бунда қушларга суткасига бир неча дақиқалик уйқу етарли бўлади, деб хабар беради «Интерфакс» Nature Communications нашрига асосланиб.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, айрим қушлар бир неча кун ва ҳафта давомида ҳавода қолиши мумкин. Аммо парвоз катта диққатни талаб қилади, шу боис қушлар ухлаб, ҳордиқ чиқариши лозим бўлади. Шу боис кўпгина олимлар қушлар миясининг икки палласи навбатма-навбат уйқуга кетади, деган тахминда. Бу фикр Нильс Раттенборг ва унинг ҳамкасблари олиб борган тадқиқотларда тасдиқланди — улар тунлаш учун уюшган гуруҳ четидаги ўрдаклар миясининг бир томони билан ухлаб, тескари томондаги кўзини очиқ қолдириши ва атрофдаги вазиятни кузатишини аниқлади.
Бошқа томондан, бир неча йил муқаддам Раттенборг ва Цюрихдаги Швейцария олий техника мактабида ишловчи нейробиолог Алексей Висоцкий эркак балчиқчи қушлар уч кунлик урғочилар билан қўшилиш даврида деярли мутлақо ухламай, фаолликни сақлаб қолишини кўрсатиб берди. Бу натижалар айрим қушларнинг узоқ муддатли уйқу депривациясига юқори даражада мослашганини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, уларга узоқ парвозлар чоғида қўл келади.
Шу пайтга қадар бевосита парвоз чоғида уйқуни нейрофизиологик кузатиш ишлари амалга оширилмаган эди, шу боис Раттенборг, Висоцкий ҳамда уларнинг ҳамкасблари олиб борган тадқиқотлар бу маънода биринчиси бўлди.
Олимлар катта фрегатларнинг (Fregata Minor) электроэнцефалографиясини (ЭЭГ) ўтказишга мўлжалланган митти ускуналарни ишлаб чиқди. Ушбу йирик денгиз қушлари ҳафталаб ва ҳатто ойлаб емак қидириб океан узра парвоз қилишга қодир. Ускуналар жарроҳлик йўли билан Галапагос оролидаги Эквадор миллий боғида истиқомат қилувчи 15 урғочи фрегат миясининг қаттиқ қатламига ўрнатилди. Ярим миллиметр ўлчамдаги, тилла суви юритилган датчиклар юпқа симлар орқали қушнинг терисига мустаҳкамланган тўплагичга маълумот юборади. Акселерометрлар, GPS датчиклари ва қувват манбаи ҳам шу ерда жойлашган бўлиб, ускуналарнинг умумий массаси 55 граммни ташкил этди.
Қайта тикланиш муддатидан сўнг фрегатлар ов қилиш учун океанга йўл олиб, 10 кунлик узлуксиз парвоз давомида 3 минг километргача масофани босиб ўтгани кузатилди. Галапагосга қайтиб келган ҳамон 15 урғочидан 14 нафари ушланиб, улардан ускуналар ечиб олинди.
Тўпланган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, қушлар сутканинг асосий қисми мобайнида тетик қолган экан. Аммо тунлари ЭЭГ мия қисқа муддатга секин тўлқинли уйқу ҳолатига хос фаолликка кўчганини қайд қилган эди. Бундай уйқу бир неча дақиқа давом этган бўлиб, миянинг икки палласини ҳам бирданига, ҳам навбатма-навбат қамраб олган бўлиши мумкин. Акселерометрлар кўрсаткичларига қараганда, бир томонлама уйқу фрегатларнинг ҳаво оқимида секин ва баҳузур қанот қоқиши вақтига тўғри келган. Бу оқимлардан спиралсимон кўтарилар экан, фрегатлар, юқорида тавсифланган ўрдаклар каби, ташқарига қараб турган кўзи билан атрофни кузатиб турган.
Бундан ташқари, ЭЭГ икки томонлама уйқуни қайд қилган пайтда ҳам фрегатлар парвозни тўлиқ назорат қилишда давом этган. Датчиклар ўша лаҳзада бўйин мушакларининг бўшашганини қайд қилган, бу эса қушлар қисқа муддат бошини осилтириб пинакка кетганидан далолат беради. Умуман, фрегатлар кунига ўртача 42 дақиқа мудроқ ҳолатда бўлиши аниқланди.
Фрегатлар ерда бўлганида кунига ўртача етти соат ухлайди. Шу тариқа, парвоздаги уйқу давомийлиги одатдаги уйқу вақтининг 7 фоизини ташкил этади. Уйқу депривацияси давомида организмни тетик ҳолда сақлашга қушларга қандай механизмлар ёрдам бериши ҳозирча маълум эмас. Раттенборгнинг фикрича, бу масаланинг ечими уйқу табиатини ҳамда уйқусизлик оқибатларини тушунишга ёрдам бериши мумкин.
Изоҳ (0)