Филиппинлик машҳур боксчи, 8 вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Мэнни Пакьяо 5 ноябрь куни америкалик Жесси Варгасга қарши жанг ўтказади. Бу ҳақда «ТАСС» Los Angeles Times нашрига асосланиб хабар берди.
Варгас Бутунжаҳон бокс федерациясининг WBO йўналиши бўйича ярим-ўрта вазнда жаҳон чемпиони ҳисобланади. Унинг Мэнни Пакьяога қарши жангига Лас-Вегас ёки Дубай шаҳарларидан бири мезбонлик қилиши айтилган.
Шу йилнинг апрель ойида Пакьяо Лас-Вегасда Тимоти Бредлига қарши чемпионлик учун жанг ўтказиб, очколар бўйича ғолиб чиққанди.
Филиппинлик боксчи аввалроқ Филиппин Сенати учун сайловларда иштирок этаётгани ҳақида айтиб, эҳтимолий ғалабасидан кейин машғулотларга жиддий эътибор қарата олмаслиги мумкинлигини қайд этганди. Боксчи сиёсатдаги карьерасини мамлакат президенти бўлишгача олиб бормоқчи. Май ойида у Сенат учун сайловларда 15,5 миллионта овозни қўлга киритиб, қабул қилинган 12 киши орасида 7-ўринни эгаллаганди.
Пакьяо 12 ёшидан буён бокс билан шуғулланиб келади ва бу воқеага бугун 21 йил тўлган. У 66 та жангда иштирок этиб, 58 тасида рақибларини мағлуб этди. Шуларнинг 38 тасини нокаут билан якунлади. 6 та жангда мағлуб бўлган Мэнни, 2 тасида дурангга эришди.
Боксчининг биринчи титули 18 йил муқаддам 50 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида қўлга киритилган бўлса, кейинроқ у яна 7 вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини нишонлади. Боксдаги карьераси унга 500 миллион долларга яқин фойда келтирди. 16 йил аввал Мэнни бундай катта маблағ ҳақида орзу ҳам қила олмасди. Чунки унинг биринчи жанги учун бор-йўғи 19 евро тўлашган.
Изоҳ (0)