Россиянинг 201-ҳарбий базаси хизматчиси 31 июлга ўтар кечаси Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Қўрғонтепа шаҳрида ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ёрдамчиси полковник Ярослав Рошчупкин маҳаллий ОАВларга маълум қилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Хабар қилинишича, дастлабки текширувлардан сўнг тергов қотиллик маиший характерга эга эканини хулоса қилди. «Оғир оқибатларга олиб келган можаро келиб чиқди. Жиноий иш бўйича тафтиш Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда Россиянинг 201-ҳарбий базаси ҳамкорлигида олиб борилмоқда. Қурбоннинг Тожикистондаги хизмат муддати, исми ва шахсий маълумотлари ҳақидаги маълумот кейинроқ оммага тақдим этилади», – деди Рошчупкин.
Маҳаллий нашрлар Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб, 40 ёшли катта сержант Алексей Буенков ўлдирилганини маълум қилди. Россиялик ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида ресторанда жанжал келиб чиқиши оқибатида ҳарбий ўлдирилган.
201-ҳарбий база Россиянинг мамлакат ташқарисида жойлашган энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. База Тожикистоннинг Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларида жойлашган.
Изоҳ (0)