Лондоннинг ICE Futures биржасида октябрда етказиб бериладиган Brent туридаги нефтнинг бир баррели нархи 3 август, чоршанба куни эрталабки савдолар чоғида 41,83 доллардан иборат бўлди. Нью-Йоркда эса сентябрда етказиладиган WTI туридаги нефтнинг бир баррели 39,6 долларга баҳоланди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
Бозор АҚШ энергетика вазирлиги маълумотлари ва уларда ўтган ҳафта якунлари бўйича нефть ҳамда бензин захиралари пасайгани акс этишини кутмоқда. 2 август, сешанба куни эълон қилинган Америка нефть институти (API) манбаларига кўра, 29 июль куни якунига етган ҳафта мобайнида мамлакатдаги нефть захиралари 1,3 миллион, бензин захиралари эса 450 минг баррелга камайган. The Wall Street Journal нашри томонидан ўтказилган сўровда қатнашган таҳлилчилар эса АҚШда нефть захиралари 900 минг ва бензин захиралари 300 минг баррелга камайишини кутмоқда.
Изоҳ (0)