Фаолияти давомида 18 минг марта самолётдан парашютда сакраган америкалик профессионал скайдайвер Люк Эйкинс яна бир сакрашни амалга оширмоқчи. Бу сафарги сакрашнинг аввалгиларидан фарқи – Люк Эйкинсда на парашют ва на бошқа мосламалар бўлади. Тафсилотлар ҳақида Associated Press маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Эйкинс 12 ёшида илк сакрашини амалга оширганди. Ҳозир у 42 ёшда ва шу вақтгача бир қанча шогирдларни етиштирди. Экстремал «Темир одам 3» (Iron Man 3) фильмининг съёмкаларида ҳам иштирок этган. Бир неча йил аввал эса Голливуддаги икки йигит унга парашютсиз сакраш ҳақида ғоя берди.
Аввалига Люк ва унинг турмуш ўртоғи бу таклифни рад этди. «‘Йўқ, улар мени ҳеч нарсасиз сакрашга кўндира олмайди’ дедим мен. Биз иккимиз бу ғоянинг устидан кулдик», – деди Эйкинс. Аммо бу ғоя парашютчини тарк этмади. У ўзининг узоқ йиллик карьераси давомида бир қанча кўнгилсизликларга дуч келган: унинг асосий парашюти бошқалари билан ўралиб қолган пайтлари бўлган. Захира парашютини у қарийб 30 марта ишлатган. Бу эса йилига 800 марта сакрашни амалга оширадиган киши учун яхши кўрсаткич.
Эйкинс парашютсиз саклаш учун ечим топди. Самолётдан сакрагандан сўнг ерга қуламаслик учун иккита қурилиш кранига футбол майдонининг учдан бир қисмига тенг тўр боғланади. Люк 7,6 километр баландликдан сакраб, муваффақиятли қўниши учун тўр 20 қаватли бино баландлигида осилиб туради. Бу ерда техник мураккаблик шундаки, тўр таранг тортилмаслиги ва парашютчининг қўниши учун қулай бўлиши керак. Умуман олганда тажрибалар муваффақиятли ўтди, фақатгина 91 килограммлик манекен ерга қулади.
«Амалга оширмай туриб бизга имконсиз деб туюлган нарсаларни бажаришга қодир эканимизни исботлаш учун яхши имконият», – деди экстремал. Ерда Люк Эйкинсни 2 минг марта сакрашни амалга оширган турмуш ўртоғи ва тўрт яшар ўғли кутиб туради. Парашютчининг сакрашини Fox телеканали тўғридан-тўғри намойиш қилади. Люк Эйкинснинг сакраши АҚШ Шарқий вақти билан 30 июль, соат 20:00 (Тошкент вақти билан 31 июль, соат 05:00)да амалга оширилади.
Изоҳ (0)