Кёльн шаҳри суди тўрт нафар россиялик футбол фанатини испаниялик сайёҳларга ҳужум уюштиришда айблаб, шартли равишда озодликдан маҳрум қилди, деб хабар берди «РБК».
Фанатлардан бири шартли 1 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, яна 3 таси 10 ой муддат давомида жазосини ўтайди. Бешинчи россиялик фанат жанжалда иштирок этмагани, уни фақатгина томоша қилгани ҳақида суд залида кўрсатма берди. Суд унга нисбатан ҳукмни 17 август куни эълон қилади.
Судланганлардан иккитаси ошпаз, биттаси менежер, яна бири молия соҳаси таҳлилчиси бўлса, сўнггиси математика фанидан дарс беради. Суд жараёнида улар юзларини ёпиб олган ва сўнгги сўзни айтишдан бош тортган.
Испаниялик сайёҳларга ҳужум 16 июнь куни россиялик фанатлар Франциядан қайтиб келаётганда содир бўлган. Улар транзит рейсни амалга ошириш учун Кёльн вариантини танлаган. Уч нафар испаниялик сайёҳдан иккитаси жиддий жароҳатлангани айтилган.
Аввалбоши қўлга олинганлар 6 нафарни ташкил қилганди. Бироқ полиция олтинчи айбланувчи жанжалда иштирок этмаганини таслиқлаб, уни қўйиб юборган.
Россиялик фанатларга Германия жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов эълон қилинган: жамоат тартибини бузиш, тан жароҳати етказиш ва полицияга қаршилик кўрсатиш. Россиянинг Берлиндаги элчихонаси матбуот котибининг қайд этишича, мазкур ҳолат юзасидан бериладиган максимал жазо 3 йилдан 10 йилгача бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)