Туркиядаги ҳарбий тўнтаришга уриниш вақтида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон тўхтаган «Мармарис» меҳмонхонасига ҳужум қилган ҳарбийлар уни тириклайин қўлга олишни режалаштирганди. Бу ҳақда ҳужум қилишда гумонланувчи, Истанбул ҳарбий академияси курсанти Меҳмет Жантаз маълум қилди, деб хабар бермоқда «РБК».
«Чиглида президентни тириклайин қўлга олиш мақсад қилиб қўйилганди. Бу ҳақда 27 кишидан иборат отряд вакиллари операция олдидан хабардор қилинди. Йешилдаги ҳарбий-ҳаво базасида содир бўлиши мумкин бўлган тўқнашувга тайёр бўлиш ҳақида айтилганди», – деб маълум қилди Меҳмет Жантаз.
Ҳибсга олинган ҳарбий ушбу вазифани унга ҳарбий академиядаги курсдоши, капитан Исмоил Йигит қўйганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, у ва яна 13 ҳарбий Истанбулдаги Отатурк аэропортига келганида, улар Бош штаб бошлиғининг буйруғини ижро этаётгани айтилган. «Бизга ‘Мармарис’ меҳмонхонасига кетаётганимиз ва у ерда берилган буйруқни амалга оширишимиз ҳақида маълум қилинди», – деб тушунтирди Жантаз.
Меҳмет Жантаз бўлиб ўтаётган воқеалар махсус операция эканлигига ишончи комил бўлганини қўшимча қилди.
16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбий тўнтаришга уринишга ҳаракат қилинди. Ҳарбийлар Истанбул ва Анқарада бир қатор давлат муассасаларини қўлга олиб, «Мармарис» меҳмонхонасига ҳужум қилди, аммо Туркия президенти меҳмонхонани тарк этишга муваффақ бўлди. Кейинроқ мамлакат раҳбари у 10–15 дақиқа ўша ерда ушланиб қолганида, ўлдириб кетилган бўлишини маълум қилганди.
Anadolu агентлигининг хавфсизлик соҳасидаги манбасига таяниб маълум қилишича, меҳмонхонага ҳужум қилган ҳарбийларга «террорчиларнинг муҳим етакчиси»ни қўлга олишга буйруқ берилган.
Изоҳ (0)