Қаршининг «Насаф» клубида 11 йилдан буён дарвозабонлар мураббийи сифатида ишлаб келаётган мутахассис Денис Иванков билан «Championat.asia» сайти ходими сухбат уюштирди.
Сухбат асносида журналист Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий дарвозабони ким бўлиши кераклиги борасидаги савол билан мурожаат қилганида, Денис Иванков шундай жавоб берди:
«Бабаян терма жамоа рулига ўтиргач, Лобановни айни пайтдаги Ўзбекистоннинг энг кучли дарвозабони, деб айтганди. Бу унинг фикри. Лекин мен Бабаяннинг фикрига қўшилмайман», — деди Иванков. — «Шахсан мен учун Лобанов Ўзбекистондаги энг кучли кипер эмас. Назаримда Элдор Суюнов ва Игнатий Нестеров бу борада пешқадамлик қилади. Асосий таркиб учун улар рақобатлашиши керак деб ўйлайман».
Денис Иванков «Бунёдкор» посбони Мурод Зухуров ҳақида ҳам тўхталди: — «Нестеров ва Суюнов асосий таркиб учун курашиши керак ўйлаганимдек, Зухуровни термадан жой олишга муносиб деб биламан. Бу мавсумда Мурод ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. ‘Бунёдкоръда дарвозабонлар мураббийи бўлиб Павел Бугало иш бошлагач, Зухуровнинг ўйинлари янада ўсди».
Мутахассис яқин йиллар ичида Ўзбекистон терма жамоасидан жой олиши кутилаётган «Насаф»нинг ёш дарвозабони ҳақида ҳам тўхталган:
«Умид Эргашев ажойиб болакай. Умид қиламанки, яқин йиллар ичида уни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи рақамли дарвозабонига айлантираман. Чунки унинг иқтидори жуда юқори», — деди Денис Иванков.
Изоҳ (0)