Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Арсен Венгер Англиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши борасида ўз фикрларини билдириб, бунинг инглиз футболига таъсири ҳақида тўхталиб ўтди. Сухбат «Championat.asia» сайтида чоп этилди.
«Англиянинг Евроиттифоқдан чиқиши мени безовта қилади. Бунда келажак қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Лондондек катта шаҳарда яшаётганингда одамларнинг кўпчилиги Brexit’ни ёқлаб тургани менга ёввойироқ бўлиб кўзга ташланди», — деб фикр билдирган Арсен Венгер.
«Англиянинг Евроиттифоқдан чиқиши Премьер-Лигага катта таъсир қилади. Натижада лига томошабоплиги пасайиши мумкин. Бу эса трансляция учун тўланаётган пулларни камайтиради, клубларнинг режаси ўзгариб кетади».
«Европада нималар рўй бераётганини Пекиндаги одам ҳам бемалол билиб турган даврда ўзингни ҳеч нарса таъсир қилмайдиган қафасга солишинг фойдасиз. Ҳозир Англия хорижий инвесторлардан йилига 24 миллиард евро олади. Бу савдонинг катта қисмини қоплаётганини унутмаслик керак».
Арсен Венгер ФИФА ва УЕФА атрофидаги можоралар юзасидан ҳам ўз фикрини билдирди: «ФИФА атрофидаги жанжаллардан ҳайратда қолдим. Бу унинг обрўсини кучсизлантирди, футболдаги бирдамликка путур етказди», — деди франциялик мутахассис.
«Масаланинг фақат молиявий томони ҳақида қайғурадиган Супер Лига ташкил қилиш шарт эмас. Футболда энг асосийси уни ривожлантириш бўлиши керак. Молиявий масала иккинчи даражали демоқчи эмасман, аммо у энг асосийси ҳам эмас. ФИФА ва УЕФА бунга кафолат ташкилотлар».
«Инглизларга Европа Иттифоқи кераклигига битта мисол келтираман: Англия Еврокубоклардан 5 йилга четлатилганидан кейин унга бошқа мамлакатлар билан тенглашиб олиш қийин кечганди. Англияга Европа зарур, Европага эса Англия», — деб фикрини якунлади Арсен Венгер.
Изоҳ (0)