Қиролича Елизавета II нинг эвараси Жоржнинг туғилган куни муносабати билан Кенсингтон саройи шаҳзоданинг янги фотосуратларини эълон қилди. Суратлар шаҳзода Уильям ва унинг рафиқаси Кейтнинг Норфолк графлигида жойлашган Анмер Холл дала ҳовлисида сураткаш Мэтт Портоус томонидан туширилган, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Фотосуратлардан бирида ёш шаҳзода йўл-йўл жемпер ва калта иштонда сайр қилиб юргани акс этган. Яна бир суратда эса митти аслзода ёғоч ҳалинчакда учаётганини кўриш мумкин.
22 июль, жума куни унинг ота-онаси туғилган кун муносабати билан тантанали оқшом уюштиради. Анмер Холлда оиланинг қариндошлари ва яқинлари тўпланади. Байрамга Жоржнинг Westacre Montessori School болалар боғчасидаги дўстлари ҳам ташриф буюриши мумкин.
Матбуот Кейт ва Уильям фарзандларига бишон фризе зотидаги ит совға қилмоқчилигини ёзмоқда. Бундан ташқари, валиаҳд шаҳзода Чарльз неварасига агент 007 — Жеймс Бондга тегишли «Aston Martin» машинасининг митти репродукциясини харид қилгани маълум.
Совғалар орасида, шунингдек, регби ва футбол учун либос, митти электр поезд, органик пахтадан тикилган кўйлак борлиги хабар қилинмоқда. Буларни шаҳзода Жоржга холаси Пиппа Миддлтон совға қилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)