Россиянинг Свердловск вилоятида полиция икки карра ўғриликда гумонланаётган маҳаллий аҳоли вакилини қўлга олди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Айтилишича, даставвал жиноятчи бир болага тегишли велосипедни ўғирлаб кетган, лекин жабрланувчилар уни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилмаган. Ўғри миннатдорлик билдириш мақсадида жабрланувчи оиланинг уйига ташриф буюрган. Аммо у келганида уйда катталар йўқ эди, муқаддам велосипеди ўғирланган бола эса эшикни очмаган.
Бир муддатдан сўнг бола сайрга чиққан, аммо хонадон эшигини қулфлашни унутган. Шу атрофда ўралашиб юрган ўғри кечирим сўраш мақсадини унутиб, уйга қайтадан кирган ва 4 минг рубль турадиган планшетни ўғирлаб кетган.
Планшет ғойиб бўлганини пайқаган оила вакиллари полицияга мурожаат қилган. Ўғри тез орада қўлга олинган ва айбига иқрор бўлган.
Изоҳ (0)