Франция полицияси 22 июль, жума куни Парижнинг шимолий қисмида ноқонуний ташкил этилган муҳожирларнинг йирик лагерини эвакуация қилиш операциясини ўтказди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълум қилинишича, вақтинчалик турар жойлардан 1,4 минг киши кўчирилган. Уларнинг аксарияти Эритрея, Сомали ва Афғонистон фуқароларидир.
Операция нохуш ҳодисаларсиз ўтди. Муҳожирлар автобусларга ўтқизилиб, уларни қабул қилиш бўйича расмий марказларга олиб борилди. У ерда аллақачон муҳожирлар учун 1,5 мингга яқин жой тайёрлаб қўйилган.
Бу Парижда жорий йилда амалга оширилган 26-операциядир. Уни ўтказишда Париж мэрияси ва Ил-де-Франс ҳудуди вакиллари ҳамда ижтимоий уюшмалар ходимлари иштирок этди.
Изоҳ (0)