Москвалик Алексей Саморуков бир ҳафта давомида дунёни ларзага келтирган икки воқеага бевосита гувоҳ бўлди — даставвал у Ниццадаги терактни ўз кўзи билан кўрди, сўнг Туркиядаги ҳарбий тўнтариш воқеалари гирдобида қолди. У тасодифан омон қолди, деб хабар беради «РИА Новости».
Саморуков Москвадан Парижга учди, у ердан Миланга, сўнг Сен-Тропега борди.
«Ниццадан ўтаётганимда қотилнинг юк машинаси катта тезликда кўчадан ўтаётган эди. Кейинроқ янгиликлардан фожиа жойида бўлганимни билдим», — ҳикоя қилади турист.
Эркак керакли йўлни қидираман деб адашиб қолгани учунгина омон қолди. Юк машинаси ҳайдовчиси Бастилия қулаши куни шарафига уюштирилган мушакбозликни томоша қилиш учун соҳилбўйида тўпланган одамларни уриб кетиб, 84 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Эртасига, 15 июль куни Алексей кечки рейс билан Истанбулга йўл олди. У ердан турист Москвага қайтишни режалаштирган эди. У самолётдан тушганида муассасанинг бирорта ходими йўқлигига, одамлар бинони пала-партиш тарк этаётганига эътибор берди.
«Отатурк аэропортида трансфер рейсига қаердан минишимни сўрамоқчи эдим, аммо бирорта ходимни топа олмадим, ахборот таблолари ишламаётган эди. Парвозлар ҳам тўхтатилган, ҳаммаси бошланган эди», — дейди сайёҳ.
Шунда кучли портлаш овозлари эшитилиб, иккинчи қават ойналари чил-чил бўлди, осмондан қирувчилар ўта бошлади. Бино атрофида маҳаллий аҳоли вакиллари тўплана бошлади.
Ходимлар йўқлиги боис йўловчилар ўзлари билганча вақт ўтказа бошлади. Саморуков Россия консули келгунига қадар аэропортни кўздан кечиришга қарор қилди. Даставвал у бизнес-класснинг кутиш залига кириб, овқат ва сув топишга уринди.
«Овқат қолмаганди, иккита музлаткичда яхна ичимликлар бор эди холос», — деб эслайди россиялик сайёҳ.
Дўстлари оғир дамда Саморуковни ёлғиз қолдирмай, унга далда берувчи хабарлар жўнатиб турди.
«Аэродромда сайр қилар эканман, — сўзида давом этади у, — юк шатаги турганини кўриб қолдим. Ҳаётда бунақаси бир марта бўлади, деган қарорга келиб, унда учдим. Машинани ўт олдириб, самолётни айландим ва шатакни ўз жойига қўйдим. Кабинадан чиққанимда, мен олқишлар билан кутиб олишди».
Эртасига аэропортга ходимлар қайтиб келди, кондиционерлар ишлай бошлади, қаҳвахона очилди. Кўплар чипта алмаштириш учун тўрт соатлаб навбатда турди. Сайёҳлар ўз ҳисобларидан овқатланишга мажбур бўлгани боис қаҳвахона захиралари тезда битди, овқат етиб келишини кутувчилар яна катта навбат ҳосил қилди.
« Барча россиялик туристлар меҳмонхоналарга бепул жойлаштирилди. Аэропортдан меҳмонхонагача бўлган йўл бир ярим соат вақт олди, аслида эса бунга 20 дақиқадан кўп вақт кетмаслиги керак эди — митингга тўпланган истанбулликлар автобус йўлини тўсиб қўйган эди», — дейди Алексей.
Ушбу мураккабликларга қарамай, Алексей Саморуков эсон-омон Москвага қайтиб келишга муваффақ бўлди.
«Ҳаётимда шунчалик кўп мураккаб вазиятларга тушганманки, ҳатто қўрқмадим ҳам. Аксинча, завқландим. Икки жойдаям мураккаб вазиятга тушиб қолганим хотира бўлиб қолди», — деб сўзига якун ясади у.
Изоҳ (0)