Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида ҳарбийлар намойишчиларга қарата ўт очиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Шу тариқа, 11 кундан бери давом этаётган тартибсизликлар қурбонлари сони 42 кишига етди, деб хабар беради Reuters.
Кашмирнинг мусулмон аҳолиси узоқ йиллардан бери марказий ҳокимият билан ихтилофда бўлиб келмоқда. Жорий йилнинг 9 июль куни «Ҳизб ул-Мужоҳиддин» жангари гуруҳи командири Бурхон Вани ўлдирилганидан сўнг минтақада яна тартибсизликлар ва норозилик намойишлари авж олди. Тўполонларда 39 киши ҳалок бўлди, 3500 киши жароҳат олди. Штатда комендантлик соати жорий этилди, телефон алоқаси узилди.
19 июль куни бир гуруҳ шахслар комендантлик соатига риоя этмай, яна кўчаларга чиқди ва армия конвойини тошбўрон қилди. Айримлар ҳарбийларнинг қуролини тортиб олишга уринди. Аскарлар ўт очиши оқибатида икки аёл воқеа жойида ўлди, яна бир намойишчи шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Қурбонларнинг умумий сони эса 42 кишини ташкил этди.
Изоҳ (0)