Apicorp банки ва Саудия Арабистони Миллий кемасозлик компанияси (Bahri) VLCC тоифасидаги 61 та йирик тоннажли танкерларни сотиб олишга 1,5 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Холид ал-Фалиҳ баёнот берди, деб хабар беради «ТАСС».
«Қўшимча 15 та танкер Bahri флотига қўшилади, бу уни дунёдаги энг йирик кемасозлик компаниясига айлантиради», — деди вазир.
Бунга қадар у 46 та кема сотиб олинишини маълум қилган эди.
Бир кун муқаддам Холид ал-Фалиҳ Saudi Aramco компаниясига жаҳон талабини қондириш учун кўпроқ танкер керак бўлишини айтиб ўтган эди. Компания дунёдаги танкер етказмаларининг 20 фоизини қоплайди.
Бугунги кунда дунёдаги энг йирик танкер флоти Хитойнинг China Merchants Group компаниясига тегишли — у 53 кемадан иборат. Bahri эса Aramco билан бирга 36 та йирик тоннажли танкерни тасарруф қилади.