Қирғизистонлик футболчи Виктор Майер Голландия қуйи лигаси иштирокчиси «Эммен» клуби билан икки йиллик шартнома имзолади, деб хабар берди «Championat.asia»
Виктор Майер бунга қадар Германиянинг минтақавий лигаларидан бирида тўп сурувчи «Меппен» клуби шарафини ҳимоя қилганди.
Виктор Майернинг Қирғизистон терма жамоасидаги дебют ўйини ЖЧ—2018 2-саралаш босқичи доирасида Бангладешга қарши кечган бўлиб, ўшанда қирғизистонликлар 3:1 ҳисобида зафар қучган. Унинг Бишкек шаҳридаги биринчи учрашуви Австралияга қарши бўлиб ўтган — 1:2.
Қозоғистоннинг «Sports.kz» нашрига интервью берган Виктор Майер Қирғизистоннинг Кант шаҳрида туғилгани ҳақида айтган. Унинг оиласи болалигида Германияга кўчиб кетган. Қирғизистон Футбол Федерациясидан тушган таклиф эса нафақат уни, балки қирғизистонлик онасини жуда хурсанд қилган. Ўғлининг Қирғизистон терма жамоаси сафидаги Австралияга қарши ўйинини она ва Майернинг қизи стадиондан кузатиб борган.
Виктор Майер 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида Германия шарафини ҳимоя қилган. Ўша вақтда у «Гамбург»нинг иккинчи жамоасида тўп сурган.
Қирғизистондан ташқари Қозоғистон ҳам шу мамлакатда туғилиб, кейинчалик Германияга кўчиб кетган ва немис футболи мактабида тарбия топган уч нафар футболчини терма жамоага жалб қилишга эришди.
Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида асли Олмалиқ шаҳрида туғилган, кейинчалик оиаласи Германияга кўчиб кетган 19 ёшли футболчи Валдемар Антон пайдо бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Шундан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси Германияга ён қўшни бўлган Австрияда икки бор йиғин ўтказди, Валдемар Антон масаласи эса очиқлигича қолди.
Изоҳ (0)