2015/16 йилги мавсумни Германия Бундеслигасининг «Ганновер» клуби сафида ўтказган ўзбекистонлик футболчи Валдемар Антон «Неуэпрессе.де» нашрига берган интервьюсида Россия терма жамоасидан таклиф тушса, йўқ демаслигини маълум қилди.
«Offsayd.uz» сайти Валдемар Антон билан интервьюни чоп этди. Унда ҳимоячи қаерда туғилганига ойдинлик киритган.«Туғилган жойим нима сабабдан Энген деб кўрсатилганини билмайман. Мен Ўзбекистонда, Олмалиқда туғилганман. Оилам ўша ердан кўчиб келган», — деб таъкидлаган Валдемар Антон. — «Бобом ва бувим ўзбекчада сўзлашган, ота-онам эса русча. Мен ҳам русча гаплаша оламан».
Шундан сўнг журналист Россия терма жамоасидан таклиф бўлиб қолса, Антон бунга қандай муносаб билдиришига қизиқди: — «Мен бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Лекин таклиф бўлса, нима учун йўқ дейишим керак?»
Валдемар Антон аввалига ҳужумда тўп сургани ва Рой Макаайга мухлис бўлгани, ҳимоячи сифатида ҳаракатлана бошлаганида эса Пикенинг ҳатти-ҳаракатлари унга маъқул бўлганини айтиб ўтган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига Валдемар Антонни жалб этиш борасида ҳаракатлар бошлангани маълум бўлса-да, кейинчалик бу масала қандай якун топгани борасида ахборот берилмаган.
Изоҳ (0)