ФИФА Ахлоқ қўмитаси ташкилот маблағларини шахсий мақсадларда ишлатаётганликда айбланаётган ФИФА президенти Жанни Инфантинога нисбатан дастлабки тергов ишини бошлади. Бу ҳақда Bild нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Нашрнинг қайд этишича, Инфантинога нисбатан тергов ишининг бошланиши унинг шахсий парвозлари сабаб бўлди. 28 май куни Милан шаҳрида бўлиб ўтган Европа Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг ФИФА раҳбари оиласи билан Миландан Римга, кейин эса Женевага йўл олганди. Унинг сафари шахсий бўлган. Ташкилотдагилар эса у қайси маблағларни ишлатлагинини билмайди. ФИФА расмий вакиллари ушбу хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.
Қайд этилишича, Инфантино ФИФАнинг реклама бюджети ҳисобидан парвозларни амалга оширган. Мутасаддининг шахсий парвозлари ҳақида маълумотлар тарқалганидан сўнг ФИФА логистика бўлими бошлиғи ўз ишидан озод этилганди.
Аввалроқ Frankfurter Allgemeine Zeitung газетаси Инфантино шахсий мақсадлари учун ФИФА ғазнасидан камида 14 минг евро ишлатганини маълум қилганди. Хусусан, ФИФА президенти ташкилот маблағларини тренажёр, матрас, смокинг, гул ва бутсалар учун сарфлаган.
Инфантино аввалроқ ҳам қонунбузарликка алоқаси борлиги айтилган. Die Welt газетаси ФИФА президентини ташкилот Кенгаши мажлисининг 9–10 май кунларидаги протоколини йўқ қилганликда айблаганди. Кейинроқ ФИФА алоқалар департаменти бошлиғи Делия Фишер ушбу хабарларни рад этган эди.
Эслатиб ўтамиз, Жанни Инфантино 2016 йилнинг 27 февраль куни ФИФА президенти этиб сайланганди. Ташкилот раҳбарига нисбатан қўзғатилган тергов иши муносабати билан мутасадди 90 кунга ўз фаолиятидан четлаштирилиши мумкин.
Изоҳ (0)