Ҳиндистон шимолидаги Жамму ва Кашмир штатида ичида зиёратчилар бўлган автобус дарага қулади. Камида 3 киши ҳалок бўлди, яна 22 нафари жиддий жароҳат олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимларининг маълум қилишича, ҳодиса 12 июль кечаси, Жамму – Сринагар шоссесида, Бижбихар шаҳри яқинида содир бўлди. Ҳайдовчи трассанинг мураккаб қисмида автобусни бошқара олмади ва у 70 метр баландликдан даранинг тубига қулади.
Автобус ҳайдовчиси ва олд ўриндиқда ўтирган йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Жароҳат олган зиёратчилардан бири шифохонага йўл олаётганда жон берди.
Қолган йўловчилар шифохонага етказилди. Улардан 5 нафари оғир аҳволда қолмоқда.
Изоҳ (0)