Консерватив партия етакчиси этиб тайинланган Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Тереза Мэй 13 июль, чоршанба куни Бирлашган Қироллик бош вазири лавозимини бажаришга киришишдан аввал ядровий ҳужум ёки ҳукумат ҳалокати юз берган тақдирда очиладиган махфий мактубларни ёзиши керак бўлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ушбу жараён Британия вазирлар маҳкамаси янги раҳбари риоя этиши лозим бўлган баённома бандларидан бири ҳисобланади.
Охирги нажот деб номланувчи ушбу мактубларни Мэй қўлда, тўрт нусхада ёзади. Шундан сўнг мактублар конвертларга муҳрланиб, Trident баллистик ракетаси билан жиҳозланган тўртта сувости кемаси командирларига жўнатилади.
Ҳужжат матни ҳеч қачон эълон қилинмайди. Ҳукумат раҳбари лавозимидан кетиши билан улар йўқ қилинади. Уларда ҳаракатларнинг тўрт вариантидан бирини амалга ошириш буйруғи ёзилган бўлади, деб ҳисобланади: жавоб ядро зарбасини бериш, ундан бош тортиш, ўз ихтиёрига кўра қарор қабул қилиш ёки иттифоқдош давлат қўмондонлиги остига ўтиш.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия энергетика вазири ўринбосари Андреа Лидсом бош вазирлик лавозими учун курашдан чиққандан сўнг, мамлакат ички ишлар вазири Тереза Мэй ушбу лавозим учун ягона номзод бўлди.
Изоҳ (0)