Россиядан Қримга кўприк ўтказиш ғояси муаллифи Москванинг собиқ мэри Сергей Лужков эди. Ички сиёсий курашда Қрим мавзусидан кўп фойдаланган собиқ амалдор Кубанга уюштирган сафари чоғида Қрим ва Краснодар ўлкаси делегациялари билан биргаликда бўлажак кўприкнинг илк рамзий тошини ўрнатган эди.
Яқинда Россияда кўприк масаласи яна кўтарилди. Ҳатто лойиҳа қиймати ҳисоблаб чиқилди — у 227,9 миллиард рублга тенг бўлиб чиқди.
Шу муносабат билан Forbes журналининг рус таҳририяти транспорт ўтишларини ташкил этиш бўйича жаҳон тажрибасини ёдга олди. Маълум бўлишича, бундай ташаббуслар Хитойда, Италияда, Макаода амалга оширилган ёки илгари сурилган экан.Макао — Чжухай — Гонконг кўприги (Макао)
Нархи: 9 миллиард доллар
Узунлиги: 42 километр, сув ости туннели — 7 километр
Ўтказиш салоҳияти: суткасига 100 000 автомобиль
Олти чизиқли автомобиль кўприги 2016 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Агар у ишга тушса, Макаодан Гонконгга 40 дақиқада бориш имконияти туғилади. Ҳозирда паром йўли, об-ҳавога қараб, 4 соатдан 2–3 суткагача вақт олади.Босфор кўрфазидана ўтган Мармарай темир йўл туннели (Туркия)
Нархи: 3,3 миллиард доллар
Узунлиги: 13,6 километр, шундан 1,4 километри Босфор остидан 54 метр чуқурликдан ўтади
Ўтказиш салоҳияти: кунига 1,5 миллион йўловчи
Туннель мустаҳкам қўшқувур шаклида бўлиб, Рихтер шкаласи бўйича 9 балли зилзилага дош бера олади — ундан 20 километр наридан Шимолий Анатолия ёриғи ўтади. Бу табиий ҳудуд яқин 30 йил ичида кучли зилзилани келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.Нячанг — Хон Че арқон йўли (Вьетнам)
Нархи: 9 миллиард доллар
Узунлиги: 3,3 километр
Баландлиги: 50–70 метр
Ўтказиш салоҳияти: суткасига 14 400 киши
Йўл юриш вақти: 20 дақиқа
Дунёдаги энг узун денгиз устидан ўтадиган арқон йўли. Нячанг шаҳрини Хон Че ороли билан боғлайди. Фуникулёрни тўққизта устун кўтариб туради, тизим зилзила, шиддатли шамол ва цунами пайтида хавфсиз ва узлуксиз ишлай олади.Ханчжоу Бэй трансокеан йўли (Хитой)
Нархи: 1,5 миллиард доллар
Ўтказиш салоҳияти: кунига 50 000 автомобиль
Хитойнинг Шанхай ва Нимбо шаҳарларини боғлайди, 36 километрлик йўл участкаси Ханчжоу кўрфази сувлари устидан ўтади. Улкан иншоот S шаклида бунёд этилган. Бундай шакл хавфсизлик мақсадларида танланган: у кўприкнинг қаршилигини ва кемалар ўтиш хавфсизлигини оширади. 6 мингта қозиқ асосига қурилган, ҳар бирининг вазни — 70 тонна. Ханчжоу Бэйдан ҳар бири уч чизиқли икки томонли шоссе ўтади. Кўприк ўртасида хизмат кўрсатиш ороли жойлашган бўлиб, у кўрфаздаги платформага қурилган. У ерда меҳмонхоналар, дўконлар, ресторанлар, шунингдек, 136 метр баландликда марварид шаклидаги томоша майдони бор.Калабриядан Сицилияга паром йўли (Италия)
Кўп йиллар давомида Сильвио Берлускони ҳукумати Италиянинг Калабрия вилоятини Сицилия оролидан ажратиб турувчи Мессина бўғозидан ўтадиган 3300 метрли кўприк қурилишини бошлашга уринди. Берлускони буни 2006 йилги сайловга қадар амалга ошира олмади. Сайлов натижаларига кўра ҳокимият тепасига Романо Проди бошчилигидаги «яшиллар» ва сўллар келди, улар эса 6,1 миллиард еврога баҳоланаётган лойиҳага мутлақо қарши эди.
2009 йилда ҳокимиятга қайтган Берлускони қурилиш масаласини қайтадан кўтарди, аммо бу сафар ҳам халқнинг қўллаб-қувватлашига эриша олмади. Бунинг натижасида ҳозирги пайтда бўғоз орқали Калабриядан Сицилияга одамларни ва юкларни, илгариги каби, Meridiano Lines, Rete Ferroviaria Italiana ва Caronte & Tourist паром компаниялари ташимоқда.
Изоҳ (0)