Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да 12 июль, сешанба куни Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси иш бошлади. Очилиш маросимида 300 дан ортиқ халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий ривожланиш ва ҳамкорлик институтлари вакиллари иштирок этди, деб хабар беради «Газета.ru».
«Ярмаркадан кўзланган мақсад — Ўзбекистоннинг ҳамкорларини республикада ишлаб чиқариладиган ва ўз истеъмол хусусиятларига кўра ноёб бўлган мева, сабзавот, узум ва полиз экинлари, шунингдек, саноат қайта ишлаши натижасида улардан олинадиган сифатли маҳсулотларнинг улкан салоҳияти билан таништириш», — деди маросимда чиқиш қилган Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев.
Ярмаркада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг чет эллик мева-сабзавот маҳсулотлари харидорлари билан узоқ муддатли ва барқарор алоқалари тизимини яратиш кўзда тутилмоқда, деб таъкидлади ҳукумат раҳбари.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 160 минг фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Мамлакат 180 турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқда.
«Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда пахта экиладиган ер майдонлари икки баробарга қисқартирилди, — таъкидлади Шавкат Мирзиёев. — Бўшатилган майдонлар озиқ-овқат экинларига ажратилди. Қишлоқ ҳудудларида ўтказилган ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг кўпгина минтақалари жаҳон бозорида талабга эга мева ва сабзавот ишлаб чиқарувчисига айланди».
Бош вазирнинг сўзларига қараганда, ўтган йилларда Ўзбекистонда сабзавот етиштириш саккиз баробарга, мева етиштириш беш баробарга, полиз экинлари етиштириш саккиз баробарга, узум етиштириш тўққиз баробарга ошди. Айни пайтда мамлакатда ҳар йили 16 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 2020 йилда эса бу кўрсаткич икки баробарга оширилиши режалаштирилмоқда.
Айниқса жаҳон бозорларига чиқариладиган маҳсулот сифатига, уларни сақлаш тизими, логистикаси ва истеъмолчиларга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун 800 минг тонна сиғимли 1300 музлатиш камералари ва омборлар яратилди. Жорий йилда 100 минг тонна сиғимли яна 197 замонавий музлатиш камералари ва омборлар қуриш ва реконструкция қилиш кўзланмоқда.
Мамлакатнинг транспорт инфраструктураси ривожланмоқда. Транзит етказмалари учун тариф имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш ҳисобидан маҳсулотларни асосий бозорларга етказиш харажатларини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш ва модернизациялаш, маҳсулотларни сақлаш, музлатиш, чуқур қайта ишлаш ва логистик инфраструктура шакллантириш бўйича ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда, уларда хорижий молиявий институтлар ҳам иштирок этмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида реализация қилинаётган лойиҳаларнинг умумий портфели 1,5 миллиард доллардан ошади.
13 июль куни Халқаро мева-сабзавот ярмаркасига Ўзбекистоннинг барча вилоятлари маъмуриятлари раҳбарлари ташриф буюради ва ўз вилоятлари маҳсулотлари тақдимотини шахсан олиб боради. 16 июль куни ярмарка иши якунланади.
Йилнинг иккинчи ярмида мева-сабзавот ярмаркасининг электрон майдончасини ишга тушириш режалаштирилган. Унда онлайн режимда буюртмаларни жойлаштириш ва маҳсулот етказиш бўйича экспорт шартномаларини тузиш имконияти бўлади.
Изоҳ (0)