Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова «Ҳордиқ» газетасига берган интервьюсида бугунги даражасига эришгунига қадар нималарни бошдан кечирганини сўзлаб берди, деб хабар бермоқда «Даракчи».
«Эсимда, 1949 йилда онам билан бирга Самарқандга келганмиз. Онам мени Успенский номидаги хотин-қизлар билим юртининг ётоқхонасига жойлаштириб кетган. Дарслар рус ва тожик тилларида бўларди. Билим юрти жойлашган кўчанинг у томонида Ҳамид Олимжон номли мусиқали театр жойлашган эди. 2-курсда бизни шу театрга олиб боришди. У ерда илк маротаба ‘Бой ила хизматчи’ спектаклини томоша қилганман-у, театр шайдосига айланганман. Ўқишга борсам ҳам хаёлим фақат театрда бўлган. Шу сабабли техникумни 3-курсда ташлаб, театрга ишга кирганман.
Устозим Тошхўжа Хўжаев Тошкентга келиб, санъат соҳасида ўз ўрнимни топишимга ёрдам берган. Тошкентга келишдан олдин оқ фотиҳа олиш учун устозим билан бирга бувамнинг олдига борганман. Устозимга ‘Ўқитувчиликка ўқишга кирмоқчи, деб айтинг, артистликка ўқимоқчи эканлигимни билмасинлар’, деганман. Улар ҳам мени тўғри тушуниб, ‘Қизингиз қобилиятли, ундан яхши ўқитувчи чиқади’, деб бувамни Тошкентга келишимга кўндирганлар. Оила аъзоларим санъатни танлаганимни билиб, мени бу йўлдан қайтаришга уринишган. Шу боис, жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. Ҳатто баъзи бир қишлоқдошларим мени ўлдирмоқчи бўлган. Самарқандга спектакль қўйиш учун келганимизда, томоша тугагандан кейин қариндошларим ‘Юр, сени уйга олиб кетамиз’, дерди. Аслида, уларнинг нияти қишлоқдаги машина юрмайдиган бурилиш кўчадаги жарликка итариб юбориш бўлган экан.
Мана, ҳаммаси ортда қолди. Театр санъатига меҳр қўйганимдан бошлаб, оналар образини яратгим келарди. Қани энди тезроқ пешонамга ажин тушиб, сочларим оқарса-ю, она ролларини ўйнасам деб орзу қилардим. Орзуим амалга ошди, театр саҳнасида турли-туман аёллар, оналар образини яратдим», – деди Тўти Юсупова.
Изоҳ (0)