Испания чемпионатининг учинчи дивизиони қатнашчиси бўлган «Линарес» футбол клуби капитани Фран Карлес машғулотда олган сон жароҳатидан сўнг бошланган ички қон кетиши туфайли 26 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Фожиа 8 июль, жума куни рўй берди. Карлес тренажёр залида шуғулланётганида сонидан жароҳат олди. Футболчи аввалига бунга эътибор бермади, бироқ кейинчалик, унда бош айланиши бошлангач, касалхонага етказилди. Шифокорлар футболчида сон мушаги ёрилиши туфайли ички қон кетиши ва аъзоларга ўтишини қайд этди. Карлес шошилинч операция қилинди, бироқ уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Футболчи бутун фаолияти давомида «Линарес» таркибида тўп суриб келган, 2009 йилда эса клубнинг асосий таркибига киритилганди. Жамоа унинг хотирасига атаб мамлакат чемпионати олий дивизиони клуби «Севилья» билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши маълум қилинди.
Изоҳ (0)