Буюк Британия ҳукумати аёлларнинг қуролли можаролар ҳудудларида ҳарбий хизмат ўташига нисбатан тақиқни бекор қилади. Бу ҳақда 8 июль, жума куни Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг баёнотида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».
«Ушбу тақиқнинг бекор қилиниши катта қадам ҳисобланади. Бу қуролли кучлар аёлларнинг қобилиятларидан максимал фойдаланиш имконини берувчи шарт-шароитларни таъминлайди. Бунда аёлларнинг барча постларда хизмат ўташ имкониятлари ошади», — дейилади Кэмероннинг баёнотида.
Бош вазирнинг сўзларига қараганда, у Британия армиясига қўмондонлик қилувчи генерал Ник Картернинг тавсиясини қабул қилган. Генерал аёллар жанговар ҳаракатларда қатнашиш имкониятига эга бўлиши керак деб ҳисоблайди.
AP агентлигининг маълум қилишича, шу пайтгача британиялик аёллар қирувчи самолётларнинг учувчиси сифатида ёки кема ва сувости кемаларида хизмат қилиши мумкин эди. Бироқ жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этувчи артиллерия ва танк бўлинмаларида хизмат қилиш ҳуқуқига эга эмас эди.
Изоҳ (0)